Тошкент вилояти Пискент туманида куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун имтиёзли нархда сотиш учун ажратилган кўмирни талон-торож қилиш ҳолати аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Пискент туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Тошкент вилояти филиали раҳбари С.И., омбори мудири Ф.Х. ва бошқалар 2023—2024 йилги куз-қиш мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун имтиёзли нархда сотиш учун ажратилган 794,2 тонна кўмирни Пискент тумани аҳолисига етказиб бермасдан, қалбаки юк хатларини расмийлаштириш орқали талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Андижоннинг Андижон, Булоқбоши, Жалақудуқ туманларида аҳолига ажратилган кўмирни талон-торож қилган омбор мудирлари қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)