Лондонда 11 ноябрь куни фаластинликларни қўллаб-қувватлашга қаратилган маршга 300 мингга яқин одам тўпланди, деб хабар беради BBC.
Ушбу акция 11 ноябрь — Буюк Британия иштирокидаги урушларда ҳалок бўлганларни хотирлаш кунига тўғри келгани боис, унга алоҳида эътибор қаратилди. Ғазода тинчликни ўрнатишга чақирган фуқаролар эрта тонгдан Лондон маркази Гайд-Паркдан акцияни бошлади. Марш тинч ўтди, айримлар унда ўз фарзандлари билан иштирок этди.
Полиция марш ўтказилишига қаршилик билдирган 100 дан ортиқ фуқарони қўлга олди — улар ўзини агрессив тутиб, полиция ходимларига турли буюмларни улоқтирган.
Октябрь охирларида ҳам Лондонда 100 мингдан ортиқ одам фаластинликларни қўллаб-қувватлаб кўчага чиққанди.
7 октябрдан буён Ғазога берилган зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 минг кишидан ошди, уларнинг тўрт мингдан ортиғи болалардир. Бундан ташқари, техникалар етишмаслиги сабабли вайроналар остидан жароҳатланганларни олиб чиқиш имконияти йўқ. Ўз навбатида, бу ҳалок бўлганлар сонининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)