Ғазо сектори шимолидаги Ал-Қудс касалхонаси ёнилғи ва электр қуввати йўқлиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатди.
Тиббиёт муассасаси 11 ноябрь куни тегишли вазият юзасидан огоҳлантирган эди.
“Шифохона Исроилнинг тинимсиз бомбардимон қилишлари туфайли ўз ҳолига ташлаб қўйилди, бу тиббиёт ходимлари, беморлар ва кўчирилган тинч аҳоли учун катта хавф туғдирди”, — дейди Фаластин Қизил ярим ой жамияти.
Шифохонага хизмат кўрсатишнинг тўхтатилиши ёнилғи захираларининг тугаши ва электр таъминотидаги узилиш билан боғлиқ. Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари дори-дармон, озиқ-овқат ва сув етишмаслигига қарамай, беморлар ва ярадорларга ёрдам кўрсатиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширган.
Қизил ярим ой жамияти шифохоналар қамал остида, танклар билан ўралганини маълум қилди. Исроил мудофаа кучлари буни рад этди. Ал-Қудс касалхонасидаги вазият ҳақида сўралганда, Исроил расмийлари шундай деди:
“Исроил армияси ушбу ҳудудда ҲАМАСга қарши интенсив кураш олиб бормоқда ва ҲАМАСдан фарқли ўлароқ, қонунга амал қилади, тинч аҳолига зарарни камайтириш учун барча чораларни кўради”.
7 октябрдан буён Ғазога берилган зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 минг кишидан ошди, уларнинг тўрт мингдан ортиғи болалардир. Бундан ташқари, техникалар етишмаслиги сабабли вайроналар остидан жароҳатланганларни олиб чиқиш имконияти йўқ. Ўз навбатида, бу ҳалок бўлганлар сонининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)