Сурия шимоли-шарқидаги АҚШ ҳарбий базалари ўққа тутилди. Ал Майадеен телеканали маълумотларига кўра ҳарбийлар ҳалок бўлган. Бу АҚШнинг Сурия шарқидаги объектларга уюштирган ҳужумларига жавоб зарбалари экани айтилмоқда.
Қайд этилишича, Дайр-аз-Зор вилоятида жойлашган Конико газ кони яқинида АҚШ ҳарбий базаси томон 15 та ракета учирилган. Нишон — ҳарбийлар штаби ва қурол-яроғ омбори. Телеканал маълумотларига кўра, камида 10 та вертолёт яраланган америкаликларни Ироқдаги ҳарбий госпиталга олиб кетган. Ҳалок бўлганлар сонига аниқлик киритилмаган.
Шунингдек, АҚШнинг Ҳасака вилоятидаги “Аш-Шаддади” базаси учта учувчисиз бошқариладиган учиш қурилмасининг ҳужумига учради. Ҳужумлар учун масъулиятни Исоил билан урушда ҲАМАСни қўллаб-қувватлаётган “Ироқдаги исломий қаршилик” ҳаракати зиммасига олди.
Мазкур ҳужумлардан олдин АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия шимолидаги қурол-яроғ омборига, Исроил қўшинлари эса мамлакат жанубидаги нишонларга ҳужум уюштирганди. Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг таъкидлашича, АҚШ Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан фойдаланиб келинган объектларга зарба берган. Бунинг фонида Американинг Сурия ва Ироқдаги базалари яна ҳужумга учраган, Яманда эса АҚШга тегишли дрон уриб туширилган.
Изоҳ (0)