Шавкат Мирзиёев 3 октябрь куни Остонада бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Фаластин—Исроил муаммосининг ягона ва энг адолатли ечимини айтди.
Ўзбекистон президенти бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олаётганини, глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келаётгани ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаяётганини қайд этди.
“Айниқса, Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Фаластин—Исроил муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Қуролли тўқнашувда тинч аҳоли, айниқса, кексалар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар сони кескин ортиб, низонинг кенг ёйилиб кетиш хавфи кучаймоқда”, — деди президент.
Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериб, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирди.
“Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими — низони "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этишдир”, — деди президент.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Фаластин халқи БМТ резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга.
“Биз ташкилотимиз доирасида бу борадаги якдил ва қатъий позициямизни бутун дунёга эълон қилишимиз зарур”, — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)