Бугун, 28 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон санъат галереясида қозоғистонлик рассом Доктор Лейла Маҳатнинг “Тумор” номли кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Доктор Лейла Маҳат — рассом, куратор, галерист. Қозоғистон Миллий санъат университетининг рангтасвир ва ҳайкалтарошлик кафедраси профессори. Тасвирий санъат бўйича фалсафа фанлари доктори. Ченстоховадаги (Польша) Ян Длугош университетининг “Чизмачилик ва рассомлик” кафедраси профессори, “Қуланши” замонавий санъат маркази кураторлар кенгаши раиси.
“Биз яшаётган эканмиз, доимо ишонамиз. Ҳаммаси яхши бўлишига ишонамиз. Ҳар бир инсон соғлом ва бахтли бўлишига, урушлар содир бўлмаслигига, офатлар биздан нарида ўтиб кетишига ишонади. Бундан икки юз, уч юз, миллион йил олдин одамлар бунга ишонишган. Ва омадга бўлган ишончни янада кучайтириш мақсадида ўзимиз учун турли одатлар ва туморларни ўйлаб топамиз.
Бахтли рақамлар, ҳафтанинг омадли кунлари, табиат белгилари — ёмғир ёғиши, тўлишиб бораётган Ой ...”, — дейди рассом Лейла Маҳат.
У асарлари учун Франс Кафка номидаги медал, Халқаро Парламент ассамблеясининг “Маданият ва санъатни ривожлантиришдаги хизматлари учун” ордени билан мукофотланган. Шунингдек, Лейла Маҳат Тасвирий санъат академиясининг фахрий аъзоси, Европа санъат иттифоқи лауреатидир.
Кўргазмада рассомнинг рангтасвир ва график асарлари намойиш этилган. Тадбир Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Изоҳ (0)