Транспорт вазирлигида видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилган учрашувда Хитой—Қозоғистон—Ўзбекистон—Туркманистон—Эрон—Туркия—Европа халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолаш билан боғлиқ жараёнларни жадаллаштиришга қаратилган масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Хитой—Қозоғистон—Ўзбекистон—Туркманистон—Эрон—Туркия—Европа халқаро транспорт коридорини ривожлантириш барча учун бирдек манфаатли эканини, ушбу йўлак транзит ташувлари ва мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш учун янги имкониятлар очишга хизмат қилишини таъкидлаган.
Таъкидланишича, ҳамкорликнинг умумий мақсади минтақада савдони ривожлантириш, халқаро юк ташувлар ҳажмини ошириш, транзит ташувлари ва ундан тушадиган тушумларни кўпайтиришдан иборат. Учрашувда муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида томонлар келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олган.
Янги муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган Ўзбекистоннинг жаҳон транспорт-логистика тармоқларига интеграциялашувини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини ошириш мақсадларига эришишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
- 2022 йилнинг ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти президентларининг саммити доирасида янги транспорт транзит коридорларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича келишувга эришилган эди.
- 2022 йилнинг декабрида Туркия—Эрон—Туркманистон—Ўзбекистон йўналишида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида юклар ташишда энг тез ва қулай йўналишлардан бири очилганди.
Изоҳ (0)