7-октябр куни Фаластиннинг HАMAS гуруҳи жангчиларининг Ғазо секторидан уюштирган ҳужумидан сўнг ҳалок бўлган исроилликлар сони 600 дан ошди, яна 2000 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Бу ҳақда Кан давлат телерадиокомпанияси маълум қилди.
Исроил расмийларининг таъкидлашича, бу рақамлар якуний эмас, ўлганлар ва яраланганлар сони ортишда давом этмоқда.
Аввалроқ Исроилда 400 га яқин инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.
7-октябр куни эрталаб HАMAS кучлари Исроилга ҳужум бошлади. HАMAS аъзоларининг айтишича, “Ал-Ақса тўфони” операцияси давомида Исроил шаҳарларига беш мингта ракета учирилган, бир неча ўнлаб қуролли кучлар Исроилнинг Ғазо сектори билан чегарадош аҳоли пунктларига кириб борган. Исроил расмийлари мамлакатга икки мингдан ортиқ ракета келиб тушганини айтиб ўтган.
Бу ҳаракатларга жавобан Исроил ҳам Ғазо секторига авиазарбалар бермоқда. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканини айтди.
Изоҳ (0)