Ҳар сешанба соат 07:30 да Sony Corporation директорлар кенгаши раиси теннис кортида пайдо бўларди. Ушбу одат 30 йил ўзгаришсиз давом этди. Бундай кучли ирода ва интизомга эга инсон ярим асрдан ортиқ вақт трендлар яратиб, дунёдаги энг яхши гаджетларни яратгани ажабланарли эмас. Компания Walkman плеерини, транзистор телевизор, рангли кассетали видеомагнитофон, дискетлар ва видеокамералар яратди. Акио Морита барчани “Японияда ишлаб чиқарилган” жумласи энг яхши сифат кафолати бўлишига ишонтирди. “100 буюк инсон” доирасида оилавий анъаналарни бузган ушбу шахс ҳақида ҳикоя қиламиз.
Ёмон меросхўр
Акио Морита Нагояда, 15 авлод давомида саке тайёрлаш билан шуғулланган оилада 1921 йилнинг 26 январида дунёга келади. Саке тайёрлаш санъати сакедзукури дейилади. Унинг рецепт сирлари авлоддан авлодга ўтиб келади. Акио оилада тўнғич фарзанд бўлгани сабаб унга катта умид билдиришган ва ёшлигидан Японияда алоҳида эҳтиромга эга ичимликнинг сирларини ўргатишган. Қатор маълумотларга кўра, Морита оиласи XVI асрдан буён япон императорлик саройи ва Токугава сёгунатига саке етказиб берувчи ҳисобланади.
Табиийки, Sony компаниясининг бўлажак асосчисининг ёшлиги тўқчиликда ўтади. Акио мамлакатдаги энг йирик шаҳарлардан бирининг марказида яшар, ҳовлисида ҳатто теннис корти ҳам бор эди. Таъкидлаш керакки, саке ишлаб чиқарувчиларнинг аксарияти параллел равишда судхўр ҳисобланарди, бу эса уларни Япониядаги энг бадавлат одамлар қаторига киритган.
Оиласининг саъй-ҳаракатларига қарамай, Акио алкогол ишлаб чиқариш сирларини ўрганишдан кўра кўпроқ электроникага қизиқиш билдира бошлайди. У ёшлигидан овозни электрон ёзиб олишга жуда қизиққан. Бизнесмен биографияларидан бирида у магнитофон ихтиро қилингани ҳақидаги мақоладан ҳайратга тушгани ҳақидаги хотираси билан бўлишади: “Бу янгиликдан жуда ҳайратда эдим”.
Янгиликларга ўч йигитнинг қизиқувчанлиги унинг мактабдаги муваффақиятларига салбий таъсир кўрсатарди. Уй вазифаларини тайёрлаш ўрнига Акио физика ва электрон қурилмалар хусусиятини ўрганиш билан шуғулланади. Ёшлигида деярли бутун бўш вақтини “Оммабоп механика” журналини, шунингдек, илм-фан ва техника билан боғлиқ бошқа адабиётларни ўқишга сарфлайди.
Юқорида қайд этилганидек, Акио болалигидан бошқарувчанлик тажрибасини олади. Отаси уни 10 ёшидан компания директорлар кенгаши йиғилишларига олиб борарди. Тажрибали бизнесменга айлангандан кейин Акио ёшлигида олган кўникмалари жуда асқатганини эслайди.
Иккичиликдан ҳарбий физикага
Ўрта мактабнинг охирги синфларига бориб Акионинг қизиқишлари дарсларни ўзлаштиришда бўлган кўрсаткичларини жадвалда пастга тушириб юборади. Ўқишда муаммолар ёш тадқиқотчининг академик фиаскога айланиши мумкин эди. Айниқса, у энди-энди таълимнинг аҳамиятини тушуниб, Нагоядаги 8-ўрта мактабнинг илмий бўлимига ўқишга киришни режалаштира бошлаганди (у вақтда мазкур таълим муассасаси Япониядаги энг яхши ўрта мактаблардан бири ҳисобланган).
Қаттиқ ҳаракат қилган Акио ўзлаштиришда синфдошларига етиб олади ва мақсадига эришади. Мактабни тамомлагач, Осакадаги Императорлик коллежига киради ва уни тугатганидан кейин дипломи бор физикка айланади.
Оиласининг яхши молиявий аҳволи сабаб ёш япон урушни ҳеч қандай қийинчиликларсиз бошдан ўтказади. Уруш йиллари кўплаб япон олимлари каби у ҳам сафарбарликка жалб этилади ва Императорлик флотида офицерлик унвонини олади. Бу вақт давомида Акио илмий-тадқиқот қўмитасида ишлайди ва денгиз ҳамда авиация аппаратураларининг яратилишида иштирок этади.
Шундай даврда у инженер ва техник даҳо Масару Ибука билан танишади. Ҳамкасбининг улкан имкониятларини тўғри баҳолай олган Морита урушдан кейин электрон қурилмаларни ишлаб чиқариш бўйича япон компаниясига асос солиш ҳақида тинмай ўйлай бошлайди. Қизиқ жиҳати, Масару у пайтлар эҳтиёж юқори бўлган радио эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш орқали пул ишлашни истаган.
Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан Морита шахсий бизнесини яратиш ҳақида жиддий бош қотиради. У оилавий корхона бошқарувида ўзини топа олмаслигини яхши ҳис қиларди. 1945 йилда Морита Токиода физикадан дарс беради, шунингдек, маълум бир вақт оптик лабораторияда ишлайди. Ойликнинг камлиги ва ижтимоий шароитнинг пастлиги тўқ ҳаётга ўрганган инженерни ташвишга солади — натижада у ҳаракатга тушиб қолади.
Япон пиёнисталари тўлаган омадсиз стартаплар
1946 йил 7 май куни Морита ва Ибука Токио телекоммуникация техника компаниясига (“Тотсуко” ёки ТТК) асос солади. Компаниянинг бошланғич капитали 500 долларни ташкил этарди (ҳозирги инфляция бўйича 6,5 минг доллар). Ибука олим ва муҳандислардан кичик жамоа тузиб, янги техникани яратишга киришади.
Ишлаб чиқариш базаси деярли йўқ эди. Жамоа бошлаган биринчи стартап гуруч тайёрлашга мўлжалланган қурилма эди. Ундан 100 дона ишлаб чиқарилади. Сотув эса — нол. Урушдан тинкаси қуриган японлар овқат тайёрлашнинг автоматлаштирилишини муҳим дея ҳисобламай, анъанавий усулларни маъқул кўрарди. Бозор бееътибор қолдирган ҳали кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва буларнинг барчаси компания муассисларини ўзгаришлар ҳақида жиддий ўйлашга ундайди.
Моританинг тан олишича, биринчи босқичдаги муваффақиятсизликка маркетинг ва савдоларни ташкиллаштириш сабаб бўлган. Улар бозор нимани хоҳлаши ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган ва маҳсулотни қандай тўғри тақдим этишни билмаган, Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубият эса вазиятни янада ёмонлаштирганди.
Айнан Морита ёш компаниянинг асосий муаммоларини ўрганади ва бозор билан жиддий шуғулланишни бошлайди. Вақт ўтиши билан у тадқиқот ишлари ва лойиҳалаштиришни тўхтатиб, бозор учун зарур бўлган янги техник концепцияларни ишлаб чиқишга эътиборини қаратади.
Компания ривожланиб кетгунга қадар фақат зарар келтирарди. Бундай вазиятда жиддий инвестиция қўллаб-қувватлови талаб этиларди. Анъаналарга зид равишда оилавий бизнесни рад этган Морита отасидан мунтазам равишда молиявий ёрдам олиб турарди. Тажрибали сакедзукури ва яхши бизнесмен сифатида ота ўғлининг компаниясини истиқболи борлигини сезарди. Айтиш мумкинки, 1940 йилларда Токио телекоммуникация техника компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги маҳсулотлар алкогол сотишдан тушган даромадлар ҳисобидан қопланган.
Биринчи муваффақият
1940 йиллар охирига келиб Моритада ёшлигида орзу қилган матоҳи — магнитофонни сотиб олиш имконияти пайдо бўлади. У АҚШнинг симли ташувчига эга ишлатилган қурилмасини харид қилади. Жамоа ижтимоий эҳтиёжлар учун унинг муқобилини яратиш устида тажрибалар бошлайди. У пайтлар магнитофонлар — бу техник имкониятлар чўққиси эди, айниқса, маиший электроника билан фақат Коносуке Матсусита компанияси шуғулланган Японияда.
Яхшилаб ўрганишлардан сўнг, тадқиқотчилар жамоаси симли ташувчи жуда ноқулай ва фойдаланиш учун лента керак деган хулосани беради. Ойлаб давом этган тажрибалар ўз мевасини беради. Кўплаб омадсиз уринишлардан кейин оптимал ечим топилади — зарурий хусусиятларга эга полимер материал.
1949 йилда “Тотсуко” компанияси дунёда илк бор лентали магнитофонни — Type G’ни тақдим этади. Нархи 17 минг иена бўлишига қарамай, товар бир зумда машҳурликка эришади. Диктофондан фойдаланиш катта эҳтиёж туғдирадиган компаниялар ва давлат муассасалари мижозга айланади. Бундан ташқари, япон магнитофони Американикидан қулай ва арзон эди — қурилманинг оғирлиги 35 килограмм.
1950 йиллар ўрталарига келиб “Тотсуко” Япониядан ташқарида ҳам машҳурликка эришади. Янги компания ғарб бозорига магнитофон ва радиоприёмниклар етказиб беришни бошлайди. Маркетинг борасида тажрибаси ошган Морита ғарб бозорига кенг кириб бориш учун ребрендинг зарурлигини тушунарди. Унинг мантиғи бўйича “Токио сусин когё” жумласини европаликлар айтишга қийналарди, бунинг устига у ёдда қолмайди ва қисқартмаси ҳам ёқимли эшитилмайди.
1950 йиллар компания асосан овоз ижро этадиган аппаратураларни ишлаб чиқарарди. Морита компания йўналишини тасвирлаш мақсадида лотинча “sonus” (“товуш”) сўзидан фойдаланади. Япония кунчиқар мамлакат ҳисобланади, шу боис таклиф этилган “sonus” sunny сўзи билан қориштирилади ва натижада Sonny ҳосил бўлади. Аммо бу японларнинг ўзи учун тўғри келмасди, чунки сан-ни сўзи “пул йўқотиш” маъносини беради. Натижада Акио битта “н” ҳарфини олиб ташлашга қарор қилади ва пайдо бўлган ном ўзига ёқади.
Sony ва Акио Моританинг машҳурлик онлари
Морита томонидан кўплаб хатолар ва тажрибалар асосида яратилган аппаратураларни ишлаб чиқариш, бошқариш ва маркетинг принциплари тез орада ўз мевасини беришни бошлайди. 1960 йиллардан Sony янги йўналиш — телевидениени ривожлантиришга киришади. Шунда TV8-301 телевизори пайдо бўлади. Қурилманинг дизайни ҳозирга қадар кўпчиликни ҳайратга солиб келади.
Морита ва Ибука бошчилигидаги мутахассисларнинг ҳаракатлари натижасида 1968 йилда дунёда илк бор “Тринитрон” рангли телевидение тизими пайдо бўлади. Орадан уч йил ўтгач рангли видеоёзувнинг янги формати ишлаб чиқилиб, биринчи видеокассета ва магнитофонлар савдоси бошланади. 1978 йилда Sony муҳандисларидан бири Nobutoshi Kixara ҳамёнбоп плеер — SonyWalkman’ни яратиб, Моританинг ёшлигидаги орзусини рўёбга чиқаради. 1979 йилда қурилмани серияли ишлаб чиқариш бошланади ва у миллионлаб инсонлар кўнглидан жой олади. “Сутдан тили куйган” компания бундай янгиликнинг муваффақиятга эришишига у қадар ишонмасди. Тадқиқотлар натижасига кўра, овоз ёзиб олиш функцияси мавжуд бўлмаган қурилмага талаб юқори бўлмаслиги керак эди.
Ҳамкасбларининг ишончсизлигини кўрган Морита “Агар йил охиригача 100 минг дона сотмасак, мен компания раислигидан кетаман”, дейди. Савдолар юқорида айтилган рақамлардан ортиб кетади, Акио Моританинг интуицияси таҳлилчилар ҳисоб-китобидан аниқроқ бўлиб чиқади. Ишлаб чиқариш йиллари давомида Sony кассетали аудиоплеерлардан 100 миллион нусхадан ортиқ сотган.
Акио Морита даврида Sony компанияси аудио, видео ва фототехника соҳасида энг етакчилар қаторида бўлди. Морита кадрларни ва истиқболли ечимларни тўғри танлай оларди. Унинг раҳбарлиги остида компания муҳандислари плёнкасиз фотоаппарат (видеофотоаппарат), энг яхши видеомагнитофон ва видеокамералар яратади.
Морита Стив Жобс билан ҳам шахсан таниш бўлиб, унга сезиларли даражада таъсир кўрсатган. Жобсга Walkman ёқар ва 1980 йилларда у Apple компьютерларини тез-тез Sony плеерлари билан таққослаб турарди. Жобс Apple маҳсулотлари компьютерлар оламида “волкмен” бўлиши кераклигини таъкидларди.
Эпилог
Акио Морита 1994 йил 25 ноябрга қадар Sony’ни бошқарди. Бизнесмен ва олим ёшлигидан яхши кўрган теннис кексалигида унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди. Морита кортда инсультга учради, кейин эса соғлиғига жиддий эътибор қаратишга киришди. Норио Ога компания раҳбарлигига тайинланди.
Акио 1966 йилда “Ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган мактабдаги ютуқлар” китоби билан адабиётга ҳам қадам қўйганди. У ўз китобида қаттиқ академик талаблар ва классик мактаб таълими сифатининг пастлигини танқид қилган эди. Умрининг охирги кунларида эса у “Японияда ишлаб чиқарилган” бестселлерини ёзди.
Морита Британия қироллик санъат жамияти томонидан Алберт медали билан тақдирланган биринчи япон бўлди. Францияда эса унинг хизматлари Фахрий легион миллий ордени билан эътироф этилди. Ватанида бўлса у 1991 йилга келибгина тан олинди — Япония императори уни Биринчи даражали Муқаддас хазина ордени билан тақдирлади.
Акио Морита 1999 йили 78 ёшида вафот этди. Унинг ўлимига кексалик даврида даволаш қийинчилик туғдирадиган пневмония сабаб бўлган.
Изоҳ (0)