Афғонистонда “Толибон” ҳукуматининг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларга курашиш вазирлиги 200 га яқин “сеҳргар ва жодугарлар” ҳибсга олинганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Акиф Махажарга асосланиб, ТОLOnews телеканали хабар берди.
“Вилоятларда қўлга олинган “жадогарлар” (сеҳргарлар, жодугарлар) сони 100 нафардан ортиқ. Кобулда уларнинг сони ҳозиргача 67 нафарга етди. Улардан баъзилари — аёллар, улар ҳибсга олиниб, суд тизимига олиб келинди”, — дейди Махажар.
Унга кўра, қўлга олинганларнинг иши аллақачон шариат судларига оширилган. Улар қандай “жодугарликлар билан шуғуллангани” ҳақида маълумот берилмаган.
Қайд этилишича, 2021 йил августида “Толибон” ҳокимият тепасига келгунига қадар Кобул кўчаларида ҳар хил фолбинларни осонгина топиш мумкин эди. Ҳозирги кунда уларни оғзаки, миш-мишлар ёки ижтимоий тармоқлардаги реклама орқали топиш мумкин.
Ҳокимиятга келгач, “Толибон” мамлакатда ислом қонунларини қайта жорий қилди. 2022 йилда “Толибон” олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода афғон судьялари билан учрашувда уларга жиноят учун шариатга мувофиқ жазо қўллашни буюрди.
Изоҳ (0)