Россия Тергов қўмитаси Украинанинг тўрт нафар ҳарбий раҳбарини террорчилик ҳаракатларини содир этганликда сиртдан айблади, деб хабар бермоқда департамент матбуот хизмати.
Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси бўйича қуйидаги шахсларга қарши айбловлар қўйилди:
- Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов;
- Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешук;
- Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алексей Нежпапа;
- Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг масофадан бошқариладиган самолётларининг 383-алоҳида полки командири Сергей Бурденюк.
“Тергов Украина олий ҳарбий раҳбариятининг 2022 йил апрелидан 2023 йил сентябрига қадар Москва ва Москва вилояти, Қрим Республикаси ва Севастопол шаҳри, Ростов, Белгород, Брянск вилоятлари ва Россия Федерациясининг бир қатор бошқа ҳудудларида самолёт типидаги учувчисиз учар аппаратлардан фойдаланган ҳолда 100 дан ортиқ ҳаво ҳужумларини ташкил этиш ва амалга оширишда иштирок этгани тўғрисида етарли далиллар тўплади”, — дейилади департамент хабарида.
Тергов қўмитаси, шунингдек, айбланувчилар “қўл остидаги ҳарбий хизматчиларни жиноят содир этишга жалб қилгани”ни даъво қилмоқда. Тез орада тергов Украина ҳарбий раҳбарларини қидирувга беришни ва ҳибсга олиш тарзидаги сиртдан эҳтиёт чорасини танлашни режалаштирмоқда.
Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери Россия ҳудудлари, айниқса чегара вилоятлари ўққа тутилди ва дронлар ҳужумига учради. Энг йирик дрон ҳужумларидан бири 30 августга ўтар кечаси содир бўлди. Ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги ва минтақавий ҳокимиятлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Брянск, Рязань, Орёл, Калуга, Псков ва Москва вилоятларида, шунингдек, аннексия қилинган Севастополда дронларни уриб туширганини маълум қилди.
Изоҳ (0)