Америкалик шифокорлар генетик жиҳатдан ўзгартирилган чўчқа юрагини одамга кўчириб ўтказиш бўйича иккинчи операцияни муваффақиятли амалга оширди. Аввалги бемор шундай трансплантация билан икки ой яшаган, деб хабар бермоқда DW.
Операция Мериленд университети тиббиёт марказида бўлиб ўтди. Университет веб-сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, операциядан сўнг бемор, 58 ёшли АҚШ денгиз флоти фахрийси Лоуренс Фосетт мустақил нафас олмоқда, трансплантация қилинган юрак “ҳеч қандай ташқи қурилмалар ёрдамисиз нормал ишламоқда”.
Фосеттнинг организми юрак-қон томир касалликлари ва ички қон кетиш билан боғлиқ асоратлар туфайли инсон юрагини қабул қилиш учун яроқсиз деб топилганди.
“Охирги умидим — чўчқа юраги. Ҳозир ҳеч бўлмаганда шунга имконим бор”, — деган у операция олдидан.
Трансплантациядан сўнг, организм донор органни рад этмаслиги учун бемор махсус дори-дармонлар ва антитаналарни қабул қилмоқда.
Аввалги операция айнан шу тиббиёт марказида 2022 йилда ўтказилган эди. Бемор, 57 ёшли Девид Беннет жарроҳлик амалиётидан икки ой ўтиб, “кўп омиллар, жумладан, соғлиғи ёмонлашгани туфайли” вафот этган.
Изоҳ (0)