Бош прокуратура матбуот хизмати Наманган вилоятида болалар заҳарлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилганини эълон қилди.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу жиноят иши Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилган. Айни пайтда тергов олиб борилмоқда.
21 сентябрь куни Наманган вилоятининг Чуст туманидаги болалар боғчаларида тарбияланувчи болаларнинг оммавий заҳарланиши кузатилганди. Кейинчалик тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари ҳақида шикоят қилувчилар сони ортиб борди.
23 сентябрь куни берилган маълумотга кўра, Наманганда охирги икки кун мобайнида болаларнинг касалланиш ҳолати билан боғлиқ 450 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг энг кўпи — 306 таси Чуст туманига тўғри келмоқда. Республика ишчи гуруҳи раҳбарининг “Дарё”га билдиришича, болаларнинг 143 нафари тузалган, қолганлари эса мунтазам қаров остида. Ҳолати оғир ёки жонлантириш бўлимига ётқизилганлар йўқ.
Ижтимоий тармоқларда бу мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препаратидан келиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова тарқалаётган турли хабарларга ишонавермаслик, бундай жараёнда фақатгина мутахассисларнинг фикрига таяниб, ахборот тарқатилиши кераклигини айтди.
Шунингдек, болаларда кузатилган нохуш ҳолат дастлабки текширувларга кўра, дори воситалари ёки овқатдан заҳарланиш эмаслигини алоҳида таъкидлаб, ҳозирда 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган таҳлиллардан сўнг вазиятга аниқлик киритишини билдирди.
Шунга қарамай, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмолини тўхтатишга кўрсатма берди.
Изоҳ (0)