БМТ бош котиби Антониу Гутерриш иқлим бўйича саммитда инсоният “жаҳаннам эшикларини очгани” ҳақида гапирди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Гутерриш саммитдаги асосий эътибор иқлим ечимларига қаратилгани, бу вазифа долзарблигини қайд этди.
“Инсоният дўзах эшикларини очди. Даҳшатли иссиқлик даҳшатли оқибатларга олиб келади. Ғазабланган фермерлар экинларнинг сув тошқинлари оқибатида нобуд бўлаётгани, жазирама иссиқ касалликларни келтириб чиқараётгани ва минглаб одамларнинг қўрқув ичида ёнғинлардан қочишини кузатмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши кураш муаммо кўлами билан солиштирганда заифроқ”, — деди БМТ бош котиби.
У ҳеч нарса ўзгармаса, ҳарорат 2,8 даражага кўтарилиб, “хавфли ва беқарор дунё”га олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Гутерришнинг таъкидлашича, жаҳон ҳамжамияти қазиб олинадиган ёнилғидан миллиардлаб даромад топаётганларнинг “очкўзлиги” туфайли йўқотилган вақтни қоплаши керак.
“Таклиф этилаётган Иқлим бирдамлиги пакти қазиб олинадиган ёнилғидан кўпроқ фойда кўрган энг йирик эмитентларни эмиссияларни камайтириш учун кўпроқ ҳаракат қилишга ва бой мамлакатларни бунинг учун ривожланаётган иқтисодларни қўллаб-қувватлашга чақиради”, — деди у.
Шунингдек, Гутерриш иқлим ўзгаришига қарши курашаётган фаоллар, қазиб олинадиган ёнилғидан воз кечиш учун муҳим қадамлар қўяётган бизнес раҳбарлари, мерлар ва ҳукуматларга миннатдорлик билдирди.
Изоҳ (0)