Кузатишларга кўра, 2023 йил ҳисобидан Ўзбекистон деҳқон бозорларида узум нархи кўтарилган. Буни кимдир қишнинг ўта совуқ келгани билан, яна кимдир экспорт кўпайгани билан боғламоқда.
“Дарё” мухбири Тошкент шаҳридаги бозорларда бўлиб, узум нархларини ўрганган эди. Бозорда 23 йилдан буён савдо қилиб келувчи Шарифа Машрапованинг айтишича, ўтган йилларда узум бунчалик даражада қиммат бўлмаган. Яна бир сотувчи Шаҳрам Турсуналиевнинг айтишича, узум нархи тенг бараварга қимматлаган, сотувда эса узум 4-5 бараварга камайган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур хабарлар ортидан ўрганиш олиб борди. Маълум қилинишича, вазиятга ойдинлик киритиш ҳамда бу йилги узум ҳосили ҳақида маълумот олиш учун дастлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига борилган.
Узумчилик ва микро-виночилик бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткир Очилдиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда республикада 1820 та узум нав коллекцияси мавжуд бўлиб, шулардан 200 таси маҳаллийлаштирилган, хусусан 49 таси Давлат Рейестридан ўрин олган. Республикада 2021 йил ҳолатига кўра, узум етиштириш бўйича 157 минг гектар майдон мавжуд эди. Узумчиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ушбу меванинг сифатли ва экспортбоп навларини кўпайтириш учун унга ажратиладиган майдонни кенгайтириш яъни токзорлар 2025 йилгача 307 минг гектар бўлиши режалаштирилган.
“Ўрганишларимиз натижасида маҳаллий кишмиш навли қора узум нархи — 15-25 минг сўм атрофида, Ҳусайни узумлари эса 20-40 минг сўмгача эканлигига амин бўлдик. Шунингдек, Аватар навли узумнинг 1 килоси 35 минг сўмдан 70-80 минг сўмгача, Мерседес навли узумнинг нархи 30 минг сўмдан 70 минг сўмгача эканлигига гувоҳ бўлдик”, — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)