Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг АҚШга ташрифи олдидан 17 сентябрь куни минглаб намойишчилар Тель-Авивда ҳукумат сиёсатига қарши ҳафталик митингга тўпланди, деб хабар бермоқда ОАВ. Намойишчилар Исроилнинг 1948 йилги Мустақиллик декларацияси катта нусхасини кўтариб олган.
Исроил давлати ташкил топганини эълон қилган ва мамлакат тузилишининг асосий тамойилларини белгилаб берувчи ҳужжатнинг қонунийлиги мамлакат парламенти (Кнессет) томонидан ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида 12 сентябрь куни Исроил Олий судида муҳокама мавзусига айланди.
Судда ҳукумат позициясини ҳимоя қилган адвокат Мустақиллик декларацияси қонуний кучга эга эмаслигини таъкидлади. Бу норозилик намойишлари ва мухолифатнинг танқидига сабаб бўлди.
Исроил парламенти Олий суд ваколатларини чеклади
24 июль куни Кнессет томонидан маъқулланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари пакетидаги биринчи қонун лойиҳаси Олий суднинг ҳукумат қарорларини бекор қилиш борасидаги ваколатини чеклайди. Мухолифатдаги парламентарийлар қонун лойиҳаси бўйича овоз беришни бойкот қилди, ҳукмрон коалициянинг 64 депутати уни ёқлади. Бу ҳужжат қабул қилиниши учун етарли бўлди. Ислоҳот танқидчиларининг фикрича, тузатишлар ҳукумат устидан назоратнинг самарали механизмларидан бирини олиб ташлайди ва шу билан ҳокимиятни суиистеъмол қилиш имкониятларини яратади.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бошқа қоидалари Олий суд судьяларини тайинлаш тартибини ўзгартиришни назарда тутади. Мухолифат ва қонун лойиҳалари танқидчиларига кўра, Исроилда суд-ҳуқуқ ислоҳоти мустақил суд тизимининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади ва демократия асосларига путур етказади. Унга қарши намойишлар мамлакатда 37 ҳафтадан бери давом этмоқда.
Одатда норозилик намойишлари шанба кунлари бўлиб ўтади, бироқ бу ҳафта ташкилотчилар яҳудийларнинг янги йили — Рош Хашанани нишонлаш муносабати билан митингни якшанба кунига кўчирди.
Изоҳ (0)