Туркманистон қатарлик инвесторларни Республикадаги энергетика, озиқ-овқат ва тўқимачилик соҳаларини ўрганишга чақирди. Бу ҳақда Қатар палатаси хабар берди.
Туркманистон Савдо-саноат палатасининг “Савдо уйи” корхонаси директори Сердар Кепбанов Доҳа шаҳрида Қатар палатасининг маъмурий-молиявий масалалар бўйича директори Ҳусиан Юсеф Ал Абдулғани билан учрашди.
Томонлар савдо-саноат ҳамкорлигини кенгайтириш, икки мамлакат ишбилармонларини иттифоқ ва шериклик муносабатларига ундаш йўлларини муҳокама қилди.
Мутахассисларнинг “Дарё”га маълум қилишича, Ашхобод 2015 йил декабрида қурилиши бошланган Туркманистон—Афғонистон—Покистон—Ҳиндистон (ТAPI) газ қувури лойиҳасини амалга оширишда Қатарнинг йирик молиявий ва сармоявий тузилмалари иштирок этишидан манфаатдор.
2011 йилда Доҳа Ўзбекистон—Туркманистон—Эрон—Уммон—Қатар транзит-транспорт коридорини шакллантириш бўйича Ашхобод битимини имзолади. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатлари билан Форс ва Уммон кўрфазлари портлари ўртасида барқарор алоқа ўрнатишга қаратилган.
Туркманистон ҳукумати аввалроқ “Ал Қамра Ҳолдинг” билан маҳаллий бозордаги потенсиал лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаганди.
Азиз Бояров
Изоҳ (0)