Самарқандда халқаро қўшма лаборатория ташкил қилинди, деб хабар бермоқда Туризм қўмитаси.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида жойлашган “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида Хитойнинг Шэнси провинцияси билан ҳамкорликда “Инсон ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича “Бир макон, бир йўл” Хитой—Марказий Осиё қўшма лабораторияси” фаолияти йўлга қўйилди.
Ушбу йирик илмий лойиҳа Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети ташаббуси билан Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNVTO) шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси биносида ташкил этилмоқда.
“Лаборатория ҳайвон суякларини ўрганиш ва улар устида биокимёвий тадқиқотлар олиб боришга ихтисослашган иккита қисмдан иборат бўлиб, ушбу лабораторияда Ўзбекистон ҳудудида топилган ҳар қандай археологик қазишма материалларини тадқиқ қилиш имконияти мавжуд бўлади. Қўшма лабораторияни қуриш учун Халқаро туризм академиясининг 8-қаватида жами 395 квадрат метр майдон ажратилган”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бугунги кунда Хитойнинг Шимоли-ғарбий университети томонидан қиймати 1 миллиард 587 миллион сўмга тенг бўлган 36 турдаги жами 90 дона лаборатория жиҳозлари ва махсус ускуналар харид қилиниб, университетга олиб келинди ва тез кунларда жиҳозлаш ишлари бошланиши режалаштирилган.
Лаборатория қурилишини мувофиқлаштириш ҳамда жиҳозлаш ишларини махсус стандартлар асосида бажарилишини назорат қилиш мақсадида Шимоли-ғарбий университетининг икки нафар мутахассис лаборатория қурилишида иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)