Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ғиждувон туманида йўл қурилиши давомида манзарали дарахтлар қўпориб ташлангани айтилган хабарлар юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Экология бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида Ғиждувон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан тўрт туп манзарали дарахт қўпориб ташлангани аниқланган.
Корхона директори Э.Ф.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, дарахтлар қўпорилиши натижасида табиатга 50 миллион 325 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлган. Ҳуқуқбузарга қўшимча жазо тариқасида кесилган дарахтлар ўрнига жами 400 туп дарахт экиш ва уни парваришлаш мажбурияти юклатилган. Тегишли ҳужжатлар ҳуқуқбузарга чора кўриш учун суд органларига юборилган.
Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари
Бир неча кун олдин Хоразмда ўзини тадбиркор деб таништирган шахслар истироҳат боғидаги дарахтларни кесиб ташлаганди. Бухорода 22 туп қарағай ноқонуний кесилиб, табиатга 144,3 миллион сўмлик зиён етказилганди. Фарғонадаги чегара пости яқинида 12 туп манзарали дарахт қўпориб ташлангани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)