Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан республика бўйича 38 минг ўринли 83 та талабалар турар жойини барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Назокат Абдуқундузова Фарғона водийсидаги олий ўқув юртларига уюштирилган пресс-тур давомида маълум қилди дея хабар беради “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев.
Ушбу лойиҳаларнинг 50 таси давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилмоқда.
“2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли 45 та талабалар турар жойини фойдаланишга топшириш вазифаси белгиланган. 1 июль ҳолатига улардан 12 таси қуриб битказилди. Айни пайтда 51 та талабалар турар жойи қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Янги ўқув йили бошланишига қадар эса республика бўйича 6400 ўринли 11 та талаба турар жойи фойдаланишга топширилади”, — дейди Назокат Абдуқундузова.
Вазирлик мутасаддисининг таъкидлашича, талабаларни турар жой билан таъминлашнинг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан талабалар турар жойига жойлашиш давлат хизмати марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилиши, талабаларга эса навбатни онлайн кузатиш ва тўловларни амалга ошириш имконияти яратилмоқда.
Ижара уйларига эҳтиёж энг юқори бўлган ва янги ўқув йили бошида муаммо юзага келадиган Тошкент шаҳрида талабаларни турар жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пойтахтда 48976 нафар талаба ижара асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келиши ҳисоб-китоб қилинган. Улардан 23774 нафари Тошкентда ижара хонадони мавжуд эканлигини маълум қилган.
Шу тариқа ижара хонадонларига жойлашишга муҳтож бўлган талабалар сони 25 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Мазкур таҳлиллардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган хонадонларни излаб топиш ишлари амалга оширилди.
Уй эгалари билан суҳбатлардан сўнг жами 9523 та ижара хонадоннинг манзилли рўйхатлари шакллантирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур хонадонларга ушбу талабаларни тўлиқ жойлаштириш имконияти мавжуд.
“Хонадонларга жойлашган талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ҳам янги тартиб асосида амалга оширилади. Ойлик ижара тўлови учун, ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкентда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, яъни 330 минг сўм, қолган ҳудудларда эса ярим баравар — 165 минг сўм миқдорида тўланиши белгилаб қўйилди”, — дейди вазирлик матбуот котиби.
Пресс-тур иштирокчилари водийга сафар давомида Қўқон педагогика институти, ТАТУ Фарғона филиали, Фарғона давлат университети ва политехника институти, Андижон давлат университети, Андижон тиббиёт, машинасозлик ва пахтачилик институтлари, Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик-қурилиш институтида бўлиб, ушбу олий ўқув юртларида қуриб битказилган ва барпо этилаётган талаблар турар жойлари билан танишди.
Изоҳ (0)