Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Республика болалар кутубхонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналига ёзиб қолдирди.
“Республика болалар кутубхонаси – шаҳримиз аҳолиси учун энг қадрли ва севимли жойлардан бири. Ушбу лойиҳада юксак меъморчилик намунасини ўтган аср бошида қурилган кўринишда сақлаб қолиш биз учун жуда муҳим эди.
Бино бой тарихга эга. Турли йилларда бу бинода Тошкент шаҳар думаси ва Жамоат йиғини, 1965 йилдан эса машҳур болалар кутубхонаси фаолият кўрсатган. Афсуски кутубхона кўп йиллар давомида қаровсиз аҳволда қолган ва у реконструкцияга муҳтож эди. Биз 2020 йилда қайта тиклаш ишларини бошладик ва ниҳоят вазифа уддаланди!
Бу ўзига хос масканда кўплаб топилмаларга дуч келдик. Масалан, девор сувоқлари ортидан ўтган аср ўрталарида ишланган ажойиб деворий суратлар чиқди. Натижада – тарих руҳи ва замонавий муҳит бир жойда мужассам бўлди.
Ўз ишининг усталари меҳнатини муносиб баҳолайсиз, деган умиддамиз. Бугундан бошлаб кутубхонамиз эшиклари барча китобсевар юртдошларимиз учун очиқ”, — деб ёзади Саида Мирзиёева.
29 август куни Шавкат Мирзиёев янгиланган Республика болалар кутубхонасини бориб кўрганди. Кутубхона ўзбек ва жаҳон болалар адабиётига оид 180 минг китоб фондига эга. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилаётгани ходимлар ишини енгиллаштириб, китобхон болаларга қўшимча қулайлик яратган. Жумладан, ташриф буюрувчилар махсус ID-карта олади. У орқали китобхонларни рўйхатга олиш, китоб олиш ва топшириш жараёнлари электрон тарзда ташкил этилади.
Изоҳ (0)