Польшада Тошкент вақти билан 26 август, шанба тунида катта бокс оқшоми бўлиб ўтди.
Мусобақанинг асосий жангида супер оғир вазн тоифасида WBA, WBO ва IBF камарлари соҳиби Олександр Усик ва Даниэль Дюбуа ўзаро тўқнаш келди. 9-раундда Олександр Усик рақибини техник нокаутга учратди ва ғалаба қозонди.
Қайд этиб ўтиш жоиз, 5-раундда Дюбуа Усик томон қалтисроқ зарба бергани боис, украиналик боксчи рингга йиқилди. Оғриқлардан қутулиб, ўзига келиши учун Олександрга бир неча дақиқа керак бўлди.
Даниэлга қарши жанг украиналик боксчи учун 2023 йилдаги илк жанги бўлди. Усик сўнгги бор 2022 йил август ойида Энтони Жошуага қарши реванш жангида рингга кўтарилганди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу бокс оқшомида ўзбекистонлик боксчи Лазизбек Муллажонов қозоғистонлик рақибига қарши рингга кўтарилди ва 1-раунддаёқ нокаут эвазига ғалаба қозонди.
Изоҳ (0)