Евгений Викторович Пригожин 1961 йил 1 июнда Ленинградда туғилган. У россиялик тадбиркор, “Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси асосчиси ҳисобланади. Украинадаги “махсус ҳарбий операция” бошланишидан олдин кенг жамоатчилик Пригожинни деярли танимас эди. Аммо 2022 йил кузида у фронтда кечаётган вазият ҳақида баланд овозда баёнотлар берди, Мудофаа вазирлиги раҳбариятини танқид қилди ва умуман медиа маконини ўзи билан тўлдирди.
Тадбиркорлик билан шуғулланиб, давлат шартномалари орқали кўтарилган собиқ маҳбус қандай қилиб ҳарбийлаштирилган тузилмага асос солди ва уни Москвага олиб келди?
Евгений Пригожиннинг таржимаи ҳоли. Эрта босқич
Ленинградда туғилган, эрта отасиз қолган. Онаси шифокор бўлиб ишлаган, ўгай отаси чанғи спорти бўйича инструктор бўлган ва ўгай ўғлини бу спорт билан таништирган.
Бола муваффақиятга эришган ва ҳатто спорт мактаб-интернатини тугатган. Пригожиннинг собиқ синфдоши у нафақат спортчи бўлгани, “балки жуда яхши ўқиганини” эслайди.
Унинг спорт карьераси натижа бермади: 1979 йилда Пригожин ўғирлик учун икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу жазо муддати тугамасдан, Пригожин яна ўзини судланувчилар ўриндиғида топди. У бир қанча “безорилик” моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 12-13 йилга (турли манбаларга кўра) қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Зонада Пригожин ўзининг биринчи бизнесни ташкил қилди: у ўша пайтда сувенерлар ясаб, бундан пул ишлаб топган маҳбуслар компаниясининг бригадири бўлди. Камерадошининг хотираларига кўра, Евгений кўплаб илмий китоблар ўқиган ва спорт билан шуғулланган.
Пригожин муддатидан олдин, 1990 йилда озод қилинди. У жиноят изидан бормади, Ленинград кимё ва фармацевтика институтига фармацевт бўлимига ўқишга кирди. Аммо Пригожин ҳеч қачон олий маълумотга эга бўлмаган, ўша пайтда у бизнесга жуда қизиқиб қолган эди.
Пригожин қандай бизнес билан шуғулланган?
Ўгай отаси билан биргаликда Евгений ҳотдог сотиладиган бир нечта дўкон очди. 1993 йилда Пригожиннинг собиқ синфдоши уни супермаркетлар тармоғида менежер бўлиб ишлашга чақирди ва унга бу бизнесдан 15 фоизни берди.
1995 йилда Евгений вино бар-дўконини ишга туширди ва бир йил ўтгач, тадбиркор ўзи учун ном қозонган лойиҳани амалга оширди, жумладан “Старая Таможня” ресторанини очди. Бу Санкт-Петербургдаги биринчи ҳақиқий элита ресторани бўлиб, унга шаҳарнинг юқори лавозимли амалдорлари ташриф буюрган.
Ҳақиқий муваффақият Санкт-Петербургдаги New Island ресторани эди. 2001 йилда президент Владимир Путин у ерда Франция раҳбари Жак Ширак, бир йилдан сўнг эса АҚШ президенти Жорж Буш билан музокаралар ўтказди. ОАВ хабарларига кўра, 2003 йилда Путин ўзининг туғилган кунини ўша ерда нишонлаган.
2000 йилларда тадбиркор ўз бизнесида асосий эътиборни тадбирлар учун овқатлар тайёрлашга қаратди ва у ютқазмади. Пригожин Кремлдаги қабуллар ва президентнинг инаугурацияси каби тадбирларга хизмат қила бошлади.
Аста-секин унинг компанияси “Конкорд” мактаби учун овқатларни йўлга қўйиш бўйича шартномалар қабул қила бошлади, биринчи навбатда Санкт-Петербургда, кейин эса Москвада.
Компания Россия Мудофаа вазирлигининг асосий пудратчисига айланди ва доимий равишда аскарлар ва офицерларнинг озиқ-овқатлари учун катта шартномалар олди.
Нега Пригожинни “Путин ошпази” деб аташади
Пригожин New Island ресторанида шахсан президент ва унинг меҳмонларига хизмат қилгани учун шундай ном олди.
“Владимир Путин савдо дўконидан қандай қилиб бизнес қилганимни кўрди. Мен тож кийган одамларга ликопчада шахсан таом олиб келишдан нафратланмаслигимга гувоҳ бўлди”, — деган Пригожин.
Ҳатто президент матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам журналистларга 2017 йилда Пригожин ҳақида шундай деган: “Бугун Путин ошпазининг туғилган куни...Путин буни нишонлайди”.
Кейинроқ Кремль матбуот хизмати бу сўзлар ҳазил эканини тушунтирган. Бир йил ўтгач, Путиннинг ўзи бу мавзуда гапирган:
“Менинг барча ошпазларим Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари, улар турли даражадаги ҳарбийлар. Бошқа ошпазларим йўқ”.
Пригожин ва “Вагнер” кампанияси
Сўнгги йилларда тадбиркорнинг номи “Вагнер” билан боғлиқ. 2022 йилнинг кузида Пригожин бу унинг лойиҳаси эканини тан олган. У 2014 йилда Донбассга шахсан боргани ва “русларни ҳимоя қиладиган гуруҳни ёллаш учун пул сарфлашга ҳаракат қилганини” айтган.
Журналистлар ундан исмнинг маъноси ва “Вагнер”ларни молиялаштириш манбалари ҳақида бир неча бор сўраган, аммо Пригожин жавоб беришдан қочган ва ҳазил қилган.
“Вагнер Ғарб демократияларининг кўз ёшлари ва азоб-уқубатларини сотишдан тушган пуллар ҳисобидан молиялаштирилади”, — деган у.
Ўз навбатида, Путин Пригожин бошчилигидаги Москвадаги исёндан кейин “Вагнер” давлат ҳисобидан молиялаштирилганини маълум қилган.
Евгений Пригожин уруш пайтида
Пригожин мунтазам равишда фронт чизиғидан видеолар эълон қилган. “Вагнер” муваффақиятлари ва муаммолари ҳақида гапирган. Айнан шу тузилма Бахмутга бир неча ой давомида қаттиқ ҳужум қилиб, май ойининг ўрталарида уни эгаллаб олди.
Бахмутнинг қўлга олиниши бир вақтнинг ўзида бир нечта оммавий жанжаллар билан бирга келди. Пригожин қишдан бери Мудофаа вазирлиги уни ўқ-дорилар билан таъминламагани сабабли “Вагнер”да қурол етишмаётгани ҳақида гапирди.
Вагнерчилар жасадлари фонида Пригожин Шойгу ва Герасимовга: “Снарядлар қаерда?” деб мурожаат қилди.
Шунингдек, “Вагнер” раҳбари Чеченистон раҳбари Қодиров билан зиддиятга учраган. Пригожиндан чечен тузилмаларининг имкониятлари ҳақида сўрашган ва у улар Донецкни озод қилишлари даргумон, деб жавоб берган. Шундан сўнг Қодировнинг шериклари Евгенийни жамиятда ваҳима қўзғатишда айблаб, уларни эркакча учрашиб, гаплашишга ундаган. Аммо бу можаро тезда тугаган.
Россияда исёнга уриниш ёхуд Пригожин исёни
2023 йил 23—24 июнь кунлари Россияда “Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси раҳбари Евгений Пригожин томонидан исён кўтаришга уриниш бўлди. Хусусан, Пригожин “Адолат марши”ни бошлаганини, унинг мақсади Москвага етиб бориш эканини айтди.
У рус ҳарбийларини Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов буйруғи билан “Вагнер” лагерларига ҳужум қилганликда айблади.
Қўзғолон пайтида Ростов-Дон ва Воронеж қўлга олинди, бир нечта вертолётлар ва ҳарбий самолётлар уриб туширилган, оқибатда камида ўн нафар рус ҳарбийси йўқ қилинган.
Россия президенти Владимир Путин Пригожинни давлатга хиёнатда айблади. Бироқ кечқурун, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан музокаралардан сўнг Пригожин ўз жангариларининг Москвага юришини тўхтатди.
Кремль Пригожинга қарши қуролли исён бўйича жиноий иш тўхтатилиши, “вагнерчи”лар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва Пригожиннинг ўзи Беларусга кетиши мумкинлигини билдирди.
Бир неча кундан сўнг Путин ўз армияси ва хавфсизлик кучларига исённинг олдини олгани учун миннатдорлик билдирди.
Пригожиннинг самолёт ҳалокати
23 август куни кечқурун ОАВ Тверь вилоятининг Бологовский туманида йўловчи самолёти қулагани ҳақида хабар берди.
Кўп ўтмай, “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга тегишли бўлган RA-02795 рақамига эга Embraer ERG 135 бизнес-жети ҳалокатга учрагани маълум бўлди.
Самолёт Москвадан Санкт-Петербургга парвоз қилган. Авиатехника бортида 10 киши — 7 нафар йўловчи ва 3 нафар экипаж аъзоси бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, уларнинг барчаси ҳалок бўлган. ОАВ хабарларига кўра, қулаб тушган самолёт жойида саккиз кишининг жасади топилган.
Ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза талаб қилинади. Самолёт йўловчилари қаторида Евгений Пригожиннинг ўзи ҳам борлиги айтилмоқда.
Вазирлик ҳалокат юзасидан суриштирув ишлари бошланганини билдирган. ОАВ томонидан айтилган версиялардан бирига кўра, ҳалокатга теракт сабаб бўлиши мумкин.
“Росавиация”нинг махсус тузилган комиссияси самолётнинг қулаш ҳолати ва сабабларини ўрганишга киришди. Мутахассислар “қора қутилар”даги ёзувларни топиб, ўрганиб чиқиши керак бўлади. Самолёт қулаган жойда 8 кишининг жасади топилган.
Изоҳ (0)