Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) “Толибон” ҳаракатининг қизлар ва аёлларга нисбатан чекловларни бекор қилиш ва бошқа бир қатор ваъдаси бажарилмаганини билдирди. Бу ҳақда ташкилотнинг тегишли баёнотига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.
БМТга кўра, Афғонистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши тизимли характерга эга.
“Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин икки йил ўтиб, ‘Толибон’ инсон ҳуқуқларини бузишда, жумладан, аёллар ва қизларга нисбатан дискриминация, қулликка солиш тизими давом этмоқда.
Де-факто афғон расмийларининг ваъдалари ва амалиётлари ўртасидаги тафовут кенгайиб, ислоҳ қилинган ‘Толибон’ тушунчаси нотўғри бўлиб чиқди”, — дейилади ташкилот баёнотида.
БМТ экспертларига кўра, сўнгги икки йил ичида “Толибон” томонидан афғон аҳолисига нисбатан жорий этилган сиёсат кўплаб инсон ҳуқуқлари, жумладан, таълим, меҳнат, сўз эркинлиги ва бошқа ҳуқуқларнинг “доимий, тизимли ва ҳайратланарли” бузилишига олиб келди.
“ ‘Толибон’ расмийлари ҳар қандай чекловлар, хусусан, таълимга нисбатан вақтинчалик бўлиши ҳақидаги баёнотига қарамай, жойлардаги воқеалар бунинг аксини кўрсатмоқда”, — дейди экспертлар.
Баёнотда “Толибон” “инклюзив бошқарув шаклини” амалга оширмагани, собиқ ҳукумат ва ҳарбий амалдорларга нисбатан амнистия ваъдалари “бузилгани”, тергов изоляторларида қийноққа солишдан воз кечилмагани, озчиликлар камситилгани, адвокатлар, судьялар, прокурорлар ва суд тизими билан боғлиқ бўлган бошқа шахслар “хавфсизлик учун жиддий хавф”ларга дуч келиши таъкидланди.
БМТ “Толибон”ни аёлларга таълим ва иш билан таъминлаш орқали уларга нисбатан камситишларни, собиқ ҳукумат ва ҳарбий амалдорларга нисбатан репрессияларни, ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни тўхтатишга чақирди.
“Сўнгги икки йил ичида инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этаётган бўлса-да, БМТ ўзининг инсонпарварлик ёрдамини молиялаштиришдаги жиддий камчиликлардан огоҳлантирмоқда.
Бу, бошқа оқибатлар қаторида, жамоат фаолиятини тўхтатиш, озиқ-овқат ёрдамини камайтириш ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ёпилишига олиб келиши мумкин”, — дея хулоса қилди БМТ экспертлари.
Изоҳ (0)