27 июль куни Қозоғистон пойтахти Остонада Афғонистон бўйича C5+1 махсус форуми бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари иштирок этди.
Улар Афғонистондаги ҳозирги вазият ва унинг минтақага таъсири юзасидан фикр алмашди. Жумладан, иштирокчилар минтақадаги барча мамлакатлар терроризмдан холи, аҳолиси, жумладан, аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган, ўзи ва қўшнилари билан тинчликда бўлган инклюзив, бирлашган, суверен Афғонистонни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бундан ташқари қуйидагилар бўйича қўшма баёнот берилди:
- Афғонистон ҳудудидан терроризм ва экстремизмни бошқа давлатларга нисбатан қўллашда база сифатида фойдаланишнинг олдини олиш;
- Одам, қурол-яроғ ва ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш;
- Афғонистондаги гуманитар ва иқтисодий шароитнинг оғирлиги халқаро ҳамжамиятдан қатъий жавобни талаб қилади. Инсонпарварлик ташкилотлари барча муҳтож афғонларга ёрдам бериши керак;
- Иқтисодий баркамол ва тинч Афғонистон мақсадига фақат барча афғонлар, диний озчиликларга мансуб бўлганлар тенг ҳуқуқли ва конструктив иштирок эта олсагина эришиш мумкин;
- Афғонистон ичида ва ташқарисида ҳаракатланиш эркинлигини қўллаб-қувватлаш, саёҳат ҳужжатлари ва визага эга афғонларга эркин саёҳат қилиш ҳуқуқини бериш;
- Энергетика инфратузилмасини қуриш ва Афғонистон орқали Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғловчи транспорт тармоқларини кенгайтириш орқали минтақавий алоқа ва транзит савдосини ривожлантиришга кўмаклашиш.
Шунингдек, томонлар 2023 йилда Афғонистонда кўкнори етиштиришнинг сезиларли даражада қисқарганини олқишлаган, бироқ Афғонистонда афюн экспорти ва синтетик наркотиклар ишлаб чиқарилиши давом этаётгани таъкидланган.
Изоҳ (0)