Россия ва Хитой ҳарбий-денгиз кучлари шу ҳафта Аляска қирғоқларида патруллик қилди. Бу АҚШ қирғоқларига келган энг йирик флот ҳисобланади. Бу ҳақда расмийлар ва экспертларга таяниб, Тhе Wаll Street Journal хабар берди.
АҚШ расмийларига кўра, Россия ва Хитойнинг 11 та кемаси Алеут оролларига яқинлашган. Кемалар АҚШ ҳудудий сувларига кирмаган ва шундан сўнг патруллик жойини тарк этган. Уларни тўртта АҚШ эсминеци ва P-8 Poseidon самолётлари кузатган.
“Бу тарихдаги биринчи воқеа. Украинадаги уруш ва Тайван атрофидаги кескинликни ҳисобга олсак, бу ҳаракат жуда провокациондир”, — дейди Heritage Foundation катта илмий ходими, истеъфодаги денгиз флоти капитани Брент Садлер.
АҚШ шимолий қўмондонлиги вакили Россия ва Хитой Аляска яқинида биргаликда денгиз патрули ўтказганини тасдиқлади, бироқ кемалар сони ва уларнинг аниқ жойлашувини очиқламади.
“Бизнинг қўмондонлигимиз остидаги ҳаво ва денгиз кучлари АҚШ ва Канада мудофаасини таъминлаш бўйича операциялар олиб борди. Россия ва Хитой патруллиги халқаро сувларда қолди ва бу таҳдид сифатида баҳоланмади”, — дейилади қўмондонлик баёнотида.
Изоҳ (0)