2024 йилда Россия президентлиги сайловларида 90 фоиздан ортиқ овоз Владимир Путиннинг қайта сайланиши учун берилади. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков The New York Timesъга берган интервьюсида маълум қилди.
“Бизнинг президентлик сайловлари айнан демократия эмас, у қимматбаҳо бюрократия. Путин келаси йили 90 фоиздан ортиқ овоз билан қайта сайланади”, — деди Кремль матбуот котиби.
Песков Россия-Украина уруши истиқболлари ҳақида ҳам фикр билдирди. У ҳозирча тинчлик келишувини имзолаш учун асослар йўқлиги ва Россия “махсус ҳарбий операция”ни давом эттиришини билдирди.
Россия қўшиб олинган тўртта вилоятдан ташқари яна кўп Украина ҳудудларини эгаллашга интиляптими, деган саволга у шундай жавоб берди:
“Йўқ. Биз фақат конституциямизда бизники деб ёзилган барча ерларни назорат қилишни истаймиз”.
Украина ҳудудлари ноқонуний аннексия қилинганидан кейин Россия Конституцияси ўзини ўзи эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикаларини, Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган қисмларини Россия вилоятлари рўйхатига киритган.
Песков тегишли интервьюси эълон қилингач, The New York Times унинг 2024 йилги сайловлар ҳақидаги сўзларини нотўғри талқин қилиб, Путиннинг “90 фоиздан ортиқ овоз” билан ғалаба қозониши ҳақида ёзганини айтди.
Нашр Кремль матбуот котибининг мазкур баёнотига ҳали муносабат билдирмади.
Изоҳ (0)