Тошкент шаҳар ИИББ томонидан шаҳарда тиғиз вақтларда юк машиналарининг ҳаракатланишини чеклаш масаласи ўрганилмоқда. Идора ўзининг Telegram-каналида шу мавзуда сўровнома ўтказяпти.
Унга кўра, юк автомобилларининг ҳаракати эрталаб соат 07:00 дан 10:00 гача ва кечки соат 17:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида чекланиши мумкин.
Айни пайтда сўровда 4,4 мингдан ортиқ киши қатнашган, уларнинг 89 фоизи ушбу тақиққа рози.
2022 йилнинг октябрида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 71-сессиясида пойтахтнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 километргача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Доимий комиссия ва ИИББ ЙҲХБ томонидан Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 километргача чеклаш мақсадга мувофиқ деб топилган.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертларига кўра, шаҳарларда энг юқори тезликни соатига 10 километрга камайтириш ўлим даражасини йилига 0,8 кишига (ҳар 100 000 кишига) камайтиришда ёрдам беради. Ўзбекистон учун бу 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш деганидир.
Изоҳ (0)