Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов йиғилишида ундан адолат талаб қилиб, ўзига нисбатан ноҳақлик бўлганини айтган мактаб директори йиғилишдан олиб чиқиб кетилиб, қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мазкур директор билан телефон орқали гаплашди.
Мактаб директори 7 кунлик қамоқдан кейин ҳозир ўз уйида эканлигини маълум қилган. Вазир Сурхондарёга борганида ушбу мактаб билан боғлиқ ҳолатни батафсил ўрганилишини айтиб ўтди. Шунингдек, педагоглар давлат ҳимоясида эканини таъкидлади.
“Сизга телефон орқали туша олмай олдингизга одам жўнатдим. Озгина хавотир олгандим. Яна қамалиб қолди, деган маълумотлар келганига ўзим яна алоқага чиқай, дедим. Овозингизни эшитганимдан жуда ҳам хурсандман. Ўзим сафарда эдим, иложим йўқ одам жўнатдим. Аҳволингиз яхшими? Ҳаммаси назоратда, ҳар бир педагог ходим давлатимиз ҳимоясида. Сизнинг ортингизда давлатимиз раҳбари турибди. Сурхондарёга яна борганимда алоҳида учрашиб, бафуржа гаплашамиз. Уйда бўлганингиздан хурсандман, соғ-саломат бўлинг. Умуман хавотир олманг, ҳаммаси назоратда, давлат ҳимоясидасиз”, — дейди вазир.
Директор ҳам ўз миннатдорлигини айтиб, ҳозирда хавотирда эканини билдирган. Бироқ вазир ҳаммаси назоратда эканини таъкидлаган.
“Эртага нима бўларкан, тинч қўйишармикан, деб ўйлаяпман”, — дейди директор.
Тармоқларда тарқалган видеода Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманидаги мактаб директори Умида Турсунова билан тортишгани акс этган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбар Муродбек Давлатовнинг “Дарё”га билдиришича, тортишув 26 июль куни Сариосиё туманидаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган.
Вилоят ҳокими Умида Турсуновага лавозимидан олинганини айтгач, директор “менинг нима айбим бор?” деб сўрайди. “Эплолмаганинг учун, бутун дунёга шарманда қилганинг учун”, дея жавоб берган вилоят ҳокими.
У ерда нима бўлганини сиз қаердан биласиз? “Муҳитни буздинг”, дейсиз, нима муҳит бузилган у ерда? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, шунча ёзганимизга индамайлик деб... Аҳволни ўрганадиган одам йўқ, буларнинг ҳаммасининг тили бир, — дейди Умида Турсунова вилоят ҳокимининг даккиси ноўрин эканини таъкидлар экан.
Воқеа давомида мактаб директори “Вилоят ҳокимига тўғри маълумот киритилиши керак. Йўқот, йўқот, йўқот, нима қиляпман мен? Сенлар мактабда хоҳлаган ишингни қилдинг, ҳеч ким ҳеч нарса қилмади-ку?! Менга чора кўриладими? Нимага ташқарига чиқаман? Мана шу ерда туриб охиригача эшитаман, президентга айтадиган гапим бор. Оца, мени Ўзбекистон олдига олиб чиқиб, отиб ташласин”, — дейди. Шундан сўнг директор ички ишлар органи ходимлари томонидан мажлислар залидан олиб чиқиб кетилган.
Мажлислар залини тарк этаётган Умида Турсунова вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга қарата “Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига”, дейди.
Муродбек Давлатовнинг қўшимча қилишича, Умида Турсунова дастлаб ўқитувчиларга қўпол муомаласи сабаб жамоатчилик назарига тушган. Шунингдек, у мактабга мурожаатни ўрганишга борган журналистларнинг камерасига шикаст етказган.
Изоҳ (0)