Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2023 йилнинг II чораги учун Olx.uz платформасида таклиф этилаётган уй-жой нархларини ҳудудлар (115 та ҳудуд) бўйича гуруҳлаб чиқди.
Институтнинг “Дарё”га маълум қилишича, апрель-июнь ойлари давомида ҳудудлар бўйича 432 минг 893 та маълумот тўпланган ва интерактив веб саҳифа кўринишига келтирилган.
“Вилоятлар бўйича уй-жойнинг ҳар бир квадрат метри учун нархлар 10 гуруҳга ажратилди. Нархлар энг арзон ҳудудлар биринчи гуруҳга (ҳар бир квадрат метр учун 390 доллардан), энг қимматлари эса ўнинчи гуруҳга киритилди (бу гуруҳда уй-жойнинг ҳар бир квадрат метри учун 1251,69 долларгача кузатилган). Ҳар бир гуруҳ 86,15 долларлик нарх оралиғини ифодалайди”, — дейилади манба ахборотида.
Жорий йилнинг 2-чорагида ҳудудлар орасида энг юқори ўртача нарх Тошкент шаҳрида қайд этилиб, 1 квадрат метр уй 1251,69 долларга (14,6 миллион сўм) баҳоланган. Шу боис, пойтахтдаги уйлар нархи сегментацияси бўйича энг юқори 10-гуруҳга киритилди.
Самарқанд шаҳри (753,03 доллар) нарх сегментация бўйича 6-гуруҳдан ўрин олди.
Ўртача нарх пастроқ бўлган Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари 2-гуруҳдан жой олди.
Республика бўйича энг минимал нарх Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди.
Изоҳ (0)