Ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтларда Қозоғистонга Американинг аввал Украинада ишлаган 30 та биологик лабораторияси жойлаштирилгани ҳақида маълумотлар тарқалди, деб ёзмоқда Tengrinews.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу хабарларга изоҳ берди.
“Бу фейк, бошқа давлатларнинг биолабораторияларини Қозоғистон Республикаси ҳудудига жойлаштириш режалаштирилмаган ва режалаштирилмаяпти ҳам”, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.
Сўнгги бир неча йил ичида хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқларда гўёки АҚШ биолабораториясида биологик қуроллар яратилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Бу ва бошқа миш-мишлар мутахассислар томонидан рад этилган.
2022 йил ноябрь ойида АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Олмаотадаги биолаборатория атрофидаги миш-мишларга изоҳ берганди.
“Қўшма Штатлар Қозоғистон ва минтақада сўнгги 30 йил ичида қилган барча ишларини ҳукумат билан ҳамкорликда ва уларнинг рухсати билан амалга оширди. Хусусан, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик бўйича сўзсиз келишувлар бор. Пропагандачиларнинг бу каби ахборот ҳужумлари шундай тушуниладики, улар Қозоғистон ва бошқа давлатлар ҳукуматларини, айтиш мумкинки, алдаш осон бўлган аҳмоқлар, деб ҳисоблайди. Менимча, бу нафақат Қозоғистон, балки Грузия, Украина ҳукумати ва ҳамма учун ҳақорат. Ҳозир жаҳон амалиётида ҳамма айнан оммавий қуролларни тарқатмаслик билан шуғулланмоқда”, — деб таъкидлаган Розенблюм.
Изоҳ (0)