Сурхондарё вилояти Ангор туманида Насос станция ва энергетика бошқармасида электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати хабар берди.
Ҳолат Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда жойларда ўтказилаётган назорат тадбирларида аниқланган. Ангор туманидаги “Аму-Сурхон” Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станция ва энергетика бошқармасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинган.
Ушбу бошқармага қарашли қуввати 250 кВт бўлган сув насосига ўрнатилган электр ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатилгани маълум бўлди. Натижада истеъмолчига 129,8 минг кВт/соат ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 129 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди.
Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Назорат тадбирлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)