Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 32 ёшли аёл лифтда қамалиб, вафот этгани хабар қилинганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Аёл 24 июль куни соат тахминан 14:50 ларда кўп қаватли уйнинг лифтига кириб, қайтиб чиқмаган. 26 июль куни марҳуманинг яқин қариндошлари томонидан ички ишлар идорасига бедарак йўқолганлиги юзасидан хабар берилган, 27 июль куни эса унинг жасади лифт ичидан топилган. Марҳума 4 кун давомида лифт ичида қолиб кетган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда одам ўлими билан якунланган ушбу кўнгилсизликка электр энергияси таъминотидаги доимий узилишлар сабаб қилиб кўрсатилганди. Текшириш давомида ушбу лифт бир неча кундан буён ишламаётгани, олдин ҳам ишламай қолиши ҳолатлари кўп маротаба бўлгани ҳақида уй яшовчилари томонидан тушунтиришлар берилган. Шунингдек, воқеа жойида холис суриштирув олиб борган ОАВ вакиллари, жумладан, “Дарё” мухбирининг видеорепортажларида ҳам ўз тасдиғини топган.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси “28 июль куни мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилганида, лифт қурилмасининг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги юзасидан бирламчи кўрик ишлари амалга оширилди ва уларни ишчи ҳолатдалиги аниқланди” деб расмий муносабат билдирган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратуранинг билдиришича, тергов ўтказиш йўли билан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳ (0)