Абитуриент ўқишга кириш учун қалбаки ҳужжатлардан фойдаланса, унга нисбатан бир қатор жазо чоралари қўлланилади.
Агар абитуриентлар ҳужжатларининг қалбакилиги аниқланса, қуйидаги чораларни қўллаш белгиланган:
- абитуриент кириш имтиҳонларидан четлаштирилади;
- ҳужжатларнинг қалбакилиги абитуриент ўқишга кирганидан кейин аниқланса, ўқишдан ҳайдалади;
- қалбаки ҳужжат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилинади.
Шу билан бирга, Жиноят кодексида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш, уларни сотиш базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш эса БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)