Хоразм вилоятининг Хонқа туманида 2 600 дан ортиқ балиқ нобуд бўлгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқлар орқали Хонқа тумани, “Мадир” қишлоғи ҳудудида ички захкашда балиқлар ўлиб қолгани тўғрисида тарқалган видеомурожаат юзасидан Хоразм вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилди.
Аниқланишича, “Мадир” қишлоғи ва “Илғор” маҳалласида жойлашган “Хонқа биллур салт” туз ва ёдланган туз маҳсулотлари ишлаб чиқариш хусусий корхонаси томонидан тузларни қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган таркибида ифлослантирувчи моддалари бўлган оқава сувлар захкашга оқизилган.
Оқибатда 2 370 та карас, 240 та гамбус, 46 та шамайка, 5 та леш, 3 та илон бош ва 1 та оқ амур, жами 2 665 та турли хилдаги балиқлар нобуд бўлган ва ҳайвонот дунёсига 223 миллион 380 минг сўм моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Хонқа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 196-моддаси 1-қисми (атроф табиий муҳитни ифлослантириш: ерларни ифлослантириш ёки бузиш, сув ёки атмосфера ҳавосини ифлослантириш одамларнинг оммавий равишда касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов натижасига кўра, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши тугатилган. Мазкур қарорнинг қонунийлиги туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, бекор қилинган ва тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Хонқа тумани ИИБ ҳузуридаги ТГга юборилган.
Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)