“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ жазирама иссиқ туфайли поездлар ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилишини эълон қилди.
“Айни кунларда республикамиз ҳудудида кескин аномал иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Албатта, ҳарорат кўтарилиши натижасида ер усти темир йўлларининг рельслари ҳамда уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат жуда юқори бўлади. Шу боис, йўловчилар ва поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, поездлар ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилади. Натижада поездлар ҳаракат жадвалидан кечикиб ҳаракатланиши мумкин”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилган поездларда совитиш тизимининг ишлаш қуввати пасайиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ўз мижозларидан, аномал иссиқлик туфайли юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўрайди.
2022 йилда Ўзбекистонда аномал иссиқ об-ҳаво сабаб поездлар жадвалига ўзгартириш киритилиши ҳақида хабар қилинганди. Иссиқ об-ҳаво таъсирида юз бераётган бу амалиёт биринчи марта эмас. Ўтган йилнинг июнь ойида ҳам икки марта поездлар тезлиги камайтирилиб, қатнов жадвалига ўзгартириш киритилган.
Изоҳ (0)