Андижон тиббиёт институтининг бир неча ходимлари пул эвазига ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ жиноятда айбланиб, қўлга олинганди. Ҳолатга Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.
Улар ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси ва вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ушланиб, жиноят иши қўзғатилганди. Вазирлик муносабатида билдирилишича, соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни ўрганиш юзасидан вазирликнинг ишчи гуруҳи тузилиб, хизмат текшируви тайинланди.
Айни пайтда мазкур олий ўқув юртида масъул шахсларнинг ўқишга киритиб қўйиш мақсадида коррупциявий омилларга йўл қўйилгани, уни келтириб чиқараётган тизимли муаммолар ҳамда бунга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тўлиқ ўрганиш ўтказилмоқда.
Шунингдек, коррупциявий ҳолат содир этилишига шароит яратиб бергани, муассаса ходимлари ўртасида етарлича тушунтириш ишлари олиб бормагани сабабли институтнинг қатор масъулларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланади.
“Ҳурматли юртдошлар! Агар сиз соғлиқни сақлаш тизимида бирор-бир коррупсион ҳолатга дуч келсангиз, вазирликнинг 1003, 1203 ва 1103 (ҳудудлар бўйича) қисқа рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги коррупциявий ҳолатлар ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлади”, — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (1)
SSV dan tashqari hech qaysi vazirlik xizmat tekshiruvi qilganini eshitmadim. SSV oʻz qoʻl ostidagi xodimlariga xurmati yoʻqligi uchun shifokorlar ga ham xalqni hurmati qolmayapti. 500 ming soʻmga 5 yilga qamshsa. Naryoda 50 mlrd soʻm, 500 mlrd$ oʻmarganlar uzur soʻrab ishni davom ettirsa. Muhumi pulni joyiga qoʻysa boʻldi deb bir kunam qamalmaydi. Buyoqda vrachlar ayibdor. Oylik masalasida ham eng past oʻrtacha oylik ham shifokorlarnini. Oʻqish davriga olib qarasa ham eng pasti vrachlarniki...