Ўзбекистон Энергетика вазирлиги арзимаган маблағ эвазига Қирғизистонга катта миқдорда электр энергияси етказиб берилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссизлигини эълон қилди.
Вазирлик баёнотига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон электр энергиясини ўзаро товар айирбошлайди. Марказий Осиё давлатлари энергетика тизими, хусусан, Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикалари энергетика тизими параллел равишда ишлайди.
Шуни ҳисобга олган ҳолда икки мамлакат энергетика компаниялари ўртасидаги келишувга асосан, электр энергиясини етказиб бериш ўзаро товар айирбошлаш (олган миқдори ҳажмида қайтариш) сҳарти билан амалга оширилади.
Шунга асосан, 2023 йил баҳор мавсумида Ўзбекистондан Қирғизистонга (ички истеъмол паст даврда) 150 млн кВт/соат электр энергияси етказиб берилган.
Ўз навбатида, келишувга асосан, ушбу ҳажмдаги электр энергиясини Қирғизистон Ўзбекистонга ёз мавсумида қайтаради. Шу билан бирга, Қирғизистон Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун шу даврда Норин дарёси орқали сув етказиб беради.
“Ўзбекистон Республикаси арзимаган маблағ эвазига Қирғиз Республикасига катта миқдорда электр энергияси етказиб бергани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар шу жиҳатдан мутлақо асоссиздир”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)