Президент қарори билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Унга кўра, 2023 йил давомида Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан йўналтирилади. Жамғармага жами 228 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари этиб, жумладан, қуйидагилар белгиланган:
- маҳаллалар ҳудудларидаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимларини таъмирлаш ва тиклаш;
- маҳалла инфратузилмани ривожлантириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш;
- маҳаллалардаги “маҳалладаги кўчабоши ва уйбоши”ларини рағбатлантириш;
- ижтимоий ҳимояга мухтож ва кам таъминланган оилаларга моддий томондан кўмаклашиш ҳамда уларнинг турар жойларини таъмирлаш;
- фуқаролар йиғинлари бинолари ва уларнинг жойлашган ҳудудларда спорт майдончалари, нуронийлар маскани, ёшлар маркази, болалар майдончалари, кутубхона, маданият марказларини қуриш, йирик ва майда таъмирлаш ҳамда уларни инвентар, мебел, компьютер жиҳозлари ва бошқа ускуналар билан таъминлаш;
- “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “маҳалла боғлари”ни ташкил қилиш.
Бундан ташқари, президент қарори билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маданиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғармага 2023 йил учун жами 20 миллиард сўм ажратилди.
Изоҳ (0)