Тошкент вилоятида касалхонадан уйига етиб олиш мақсадида ўзганинг машинасини миниб қочган шахсга жиноят иши қўзғатилди.
ИИВ Тергов департаментининг маълум қилишича, 35 ёшли У.М. Чирчиқ шаҳар Гуляева кўчасида Nexia-3 эгаси эшикларни очиқ ҳолда, калитни ўт олдиргичда қолдириб, дўконга кириб кетганини кўриб, автомашинани номаълум томонга олиб қочиб кетган.
Машинани Алишер Навоий кўчасида бошқариб келаётиб, Nexia-2 орқа томонидан уриб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва Чирчиқ шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан У.М.га нисбатан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддада 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Жиноят иши доирасида гумонланувчи сўроқ қилиниб, ундан нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ургани сўралган. У Чирчиқ шаҳар Гуляева кўчасида жойлашган шифохонада оёғини даволатгани ва уйга кетиш истагини шифокорларга маълум қилганида, шифокорлар унга рухсат бермаганидан жаҳли чиқиб, кўчага чиқиб мазкур автомашинани кўриб уйига етиб олиш мақсадида олиб қочганини баён этган.
Ҳозирда гумон қилинувчининг кўргазмалари текширилиб, унинг руҳий соғломлиги текширилмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)