Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳудудларда норентабел автобус йўналишларидан кўрилган зарар қоплаб берилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича жами 7 миллиард 285,1 миллион сўм маблағ ташувчиларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилган.
Хусусан, Наманган вилояти 1 миллиард 728,8 миллион сўм, Фарғона вилояти 1 миллиард 564,1 миллион сўм, Андижон вилояти 1 миллиард 36,4 миллион сўм, Тошкент вилояти 986,4 миллион сўм, Хоразм вилояти 619,2 миллион сўм, Навоий вилояти 510,4 миллион сўм, Самарқанд вилояти 339,8 миллион сўм, Жиззах вилояти 236,5 миллион сўм, Қорақалпоғистон Республикаси 138,3 миллион сўм, Сурхондарё вилояти 82,2 миллион сўм, Бухоро вилояти 43 миллион сўм маблағлар қоплаб берилган.
Қолган вилоятларда ташувчилар томонидан кўрилган зарарлар миқдори бўйича ҳисоб-китоблар топширилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8-октябрдаги “Ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташувчилар томонидан шаҳар атрофи ёки вилоят ичидаги шаҳарлараро автобус йўналишларида кўрилган зарарлар миқдори ҳар чорак якуни бўйича субсидия ажратиш йўли билан қоплаб берилмоқда.
Бир неча кун олдин “Тошшаҳартрансхизмат” АЖга республика бюджетидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан Чекланган тарифлар бўйича йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатиш муносабати билан шаҳар йўловчи ташиш транспорти ташувчилари кўрадиган зарарларни қоплаш харажатлари учун 18 миллиард сўм ажратилиши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)