Тармоқларда Андижонда дайди итлар тўдаси ёш болани ғажигани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси “Дарё”га маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 9 июль куни вилоятнинг Хўжаобод туманидаги “Мустақилликнинг 30 йиллиги” маҳалласида бир неча итлар галаси холасиникига меҳмонга келган Пахтаобод туманининг “Қорашоҳ” маҳалласида яшовчи, 2018 йилда туғилган Б.Я.ни тишлаб олган. Натижада бола тан жароҳати олган.
Бола ўша куннинг ўзидаёқ Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига олиб келинган. Боланинг ўнг юзи, иккала қулоқ супраси, чап ўмров соҳаси, кўкрак қафаси орқа юзаси, иккала елка, думғаза соҳасида ит тишлаган жароҳатлари мавжуд. Унда қутириш аломатлари йўқ. Даволаниш жараёнлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва филиал директори томонидан назоратга олинган. Айни пайтда беморнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли, ҳушида, ўзи мустақил овқатланмоқда, ҳаракатланмоқда”, — дейилади хабарда.
“Дарё” мухбири воқеа тафсилотларини ўрганмоқда.
Изоҳ (0)