Ўзбекистон банклари май ойида 798 миллиард сўм соф фойда кўрди. Бу банкларнинг ойлик фойдаси бўйича охирги 6 ойдаги энг паст кўрсаткичдир, деб ёзади Telegramъдаги “Банкир” канали.
Хабар қилинишича, сўнгги бор банклар 2022 йилнинг ноябрь ойида ҳозиргидан камроқ фойда олган — 724 миллиард сўм. Май ойига қадар тизимга бўлган талабнинг кескин ошиши натижасида мамлакатдаги банклар ойига триллион сўм атрофида фойда олаётган эди.
Банклар 2023 йилнинг 5 ойида жами 50,3 триллион сўм даромад олган. Бунда соф фойда 4,8 триллион сўмни ташкил қилган. Даромад 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 29,9 фоизга, фойдаси эса 40,4 фоизга ошган.
Таъкидланишича, солиштирилаётган даврда фоизсиз даромадлар 23,2 фоизга ошганига қарамасдан, фоизли даромадлар ҳам 34,3 фоизга кўпайган. Бу банклар хизмат кўрсатишдан кўра кўпроқ кредитлаш орқали даромад олишда давом этаётганини англатади.
- Январь—май ойлари давомида 1,3 триллион сўм фойда солиғи тўланган.
- Бу даврда 6,9 триллион сўмлик операцион харажатлар (ходимларга ойлик ва бошқалар) ҳам амалга оширилган.
Изоҳ (0)