Самарқанд шаҳрида ўтказилган тўйларнинг бирида меҳмонлар учун ёзилган дастурхон сувли идишдаги тирик балиқлар билан безатилди. Бу ҳақда Telegram’даги “Экологуз” канали хабар берди.
“Айтишларича балиқларнинг нобуд бўлганлари кўп экан. Чунки уларга қуйилган сув ичимлик суви, балиқлар ичимлик сувида яшай олмайди”, — дейилади хабарда.
Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борган бўлиб, ҳақиқатдан ҳам мазкур воқеа Самарқанд шаҳрида жойлашган Life Garden базмгоҳида содир этилганини аниқлади.
Ушбу базмгоҳ иш бошқарувчисининг айтишича, тўй соҳибларининг талабига биноан 9 дона “петушок” балиғи тўй дастурхонига безак учун ижарага келтириб қўйилган. Сўнгра ушбу балиқлар талафот етказилмаган ҳолда эгасига қайтариб берилган.
Ҳолат тўғри ёки нотўғрилигини текшириш мақсадида давлат инспекторлари томонидан ўрганилганда, ушбу балиқларга шикаст етказилмагани маълум бўлган.
“Шундай бўлишига қарамай, табиат жониворларига шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун тўй ўтказган фуқарога ва базмгоҳ соҳибига нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари кўрилиб, ҳолат қайтарилмаслиги юзасидан огоҳлантириш бериб ўтилди”, — дейилади муносабатда.
Ўзбекистонда тўй ўтказиш тартиби
2019 йилнинг сентябрида Олий Мажлис Сенати кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашининг қўшма мажлисида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар борасида сўз юритилганди. Октябрьда эса Олий Мажлис Сенати тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низомни эълон қилганди. 2020 йил 1 январдан бошлаб, тўй-ҳашамларни тартибга солиш ҳақидаги Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма қарори (юридик жиҳатдан кучи қонунга тенг) кучга кирган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тўйларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган эди.
Изоҳ (0)