Самарқанд вилоятида автомашиналар ювиш шохобчаси ишчиси ювиш учун қолдириб кетилган машинани олиб қочиб, автоҳалокатга учради. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, 24 июнь куни фуқаро Hyundai Santafe русумли машинасини ювдириш мақсадида автомашиналар ювиш шохобчасига олиб бориб, машина ва калитини ўша ерда ишловчи А. исмли шахсга ташлаб кетган.
Орадан 30 дақиқалар ўтгандан сўнг, танишлари унга машинаси Самарқанд шаҳар Суғдиёна масканида номаълум шахс томонидан бошқарилиб, Epica ва Lacetti русумли автомашиналар билан йўл-транспорт ҳодисасига учраганини айтишган. Хабарни эшитиб фуқаро воқеа жойига борганида ҳақиқатан ҳам А. исмли ишчи унга тегишли бўлган машинани шохобчадан ўзбошимчалик билан бошқариб чиқиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани маълум бўлган.
Фуқаро ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ га ариза билан мурожаат қилиб, А.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Ҳодиса содир бўлган жойга Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, воқеа жойи кўздан кечирилиб, автомашиналар жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 229-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)