АҚШ разведка идоралари COVID-19 пандемиясининг Ухан вирусология институтидаги ҳодисадан келиб чиққанини исботловчи далил топа олмади. Бу ҳақда Миллий разведка директори идорасининг ҳисоботида маълум қилинди. Тўрт саҳифали ҳужжатда айтилишича, разведка вируснинг лабораториядан тарқалгани версиясини инкор ҳам этолмайди.
“Марказий разведка бошқармаси ва бошқа идоралар COVID-19 пандемиясининг аниқ манбасини топа олмаяпти, чунки иккала фараз ҳам (табиий ва лаборатория келиб чиқиши) муҳим тахминларга таянади”, — дейилади ҳужжатда.
Ҳисоботда айтилишича, Ухан институти чиндан ҳам коронавируслар бўйича тадқиқот олиб борган, бироқ айнан шу институт COVID-19 пандемиясининг бошланишига сабаб бўлгани ҳақида ҳеч қандай далил топилмаган.
2021 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз ҳисоботида COVID-19 нинг лабораториядан келиб чиқиши эҳтимолини “жуда паст” деб баҳолаган эди. ЖССТ фикрича, вирус одамларга кўршапалаклардан бошқа ҳайвон воситасида юққан.
2023 йил февраль ойида ташкилот коронавируснинг келиб чиқиши бўйича текширувни “маълумотлар йиғиш билан боғлиқ муаммолар” туфайли тўхтатди. Ташкилотнинг таъкидлашича, Хитой расмийлари ЖССТ билан ҳамкорликни тўхтатгани сабабли терговнинг иккинчи босқичи тўхтатилган. Хитой эса бу масалани сиёсийлаштирмасликка чақирди.
Изоҳ (0)