Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги дунёда биринчи бўлиб одамлар орасида Оз вируси билан касалланиш ва ундан ўлим ҳолатини қайд этди. Бу ҳақда NHK хабар берди.
Вирус қурбони Ибараки префектурасининг 70 ёшли фуқароси, у бир йил олдин вафот этган. Ўшанда шифокорлар унга ишемик инсулт ташхисини қўйганди, аммо кейинроқ аёл, аслида, Оз вирусини юқтиргани аниқланди.
Вируснинг биринчи аломатлари — заифлик, иситма ва иштаҳа йўқолиши. Аёл касалхонага ётқизилган, ундан қон таҳлили олинган. Натижада тромбоцитлар даражасининг пасайиши, жигарнинг бузилиши ва ўткир яллиғланиш аниқланган. Шифокорлар унинг танасида кана чаққан изни ҳам топган.
Оз вируси Японияда биринчи марта 2018 йилда аниқланган. У кана чақиши билан юқиши мумкин, аммо одамга юқиш ҳолатлари кузатилмаган. Шу билан бирга, шифокорларнинг маълумотларига кўра, аввалроқ икки овчида вирусга қарши антитаначалар аниқланган.
Изоҳ (0)