Тошкент вилояти Чиноз туманида ғалладан бўшаган ер майдони ёнгани ҳақида хабар берилган эди. Экология вазирлиги ҳамда Тошкент вилояти Экология бошқармаси масъуллари ҳолатни воқеа жойига чиқиб ўрганди.
Ўрганиш давомида Чиноз тумани, “Тиллатопган” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автомагистрал йўл бўйида фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган ер майдонида 11,6 гектар сомонпоя қолдиқлари ёқилгани аниқланди.
Натижада дала чегара қисмига қатор қилиб экилган 20 туп тут дарахти ўсишдан тўхтамаслик даражасида шикастлангани, 11 туп тут дарахти эса ўсишдан тўхташ даражасида кесилгани маълум бўлди. Фермер хўжалиги раҳбари А.Й. воқеа жойида ҳақиқатан ҳам ғалладан бўшаган ер майдонида сомонпоя қолдиқлари ёқилгани юзасидан ёзма равишда тушунтириш берган.
Ёнғин натижасида тупроқдаги гумус ва азот йўқотилгани сабаб тупроқ унумдорлигига 24 миллион 692 минг 896 сўм миқдорида зарар етказилган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар 73 миллион 590 минг сўмни ташкил этган. Умумий олганда ғалладан бўшаган майдонни ёқиш ва дарахтларни кесиш натижасида табиатга жами 118 миллион 082 минг 896 сўм зарар келтирилган.
Ўрганиш ишлари давомида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун туман прокуратурасига топширилди.
Изоҳ (0)