Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ғалласи ўриб олинган 5 гектар ер ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят ФВБ матбуот хизмати хабар берди.
7 июнь куни туманнинг “Янги қишлоқ” ва “Лангар” МФЙ ҳудудларидаги ғалладан бўшаган дала майдонларида ёнғин содир бўлган.
Дастлаб, қутқарув хизматига соат 10:20 ларда “Лангар” МФЙ Тутли қишлогъидаги дала майдонларининг бирида қуриган хас-хашак ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Хабарга кўра, ёнғин-қутқарув бўлинмаси воқеа жойига соат 11:10 ларда етиб борган ва маҳаллий аҳоли ёрдамида ўчириб олинган.
Туманнинг “Янги қишлоқ” МФЙда ғалласи ўриб олинган дала майдонида содир бўлган ёнғин ҳақида соат 17:22 ларда келиб тушган. Воқеа жойига 2 та бўлинма етиб бориб, ёнғинни соат 18:08 ларда ўчирган. Ёнғин оқибатида 5 гектар ғалладан бўшаган майдон (сомон) ёнган.
Ҳозирда рўй берган ёнғинлар сабабига аниқлик киритилмоқда.
Изоҳ (0)