Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 20 ёшли қизи Хутмат бобоси Ахмат Қодиров шарафига таъсис этилган республиканинг олий мукофоти – Қодиров ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Чеченистон ахборот ва матбуот вазири Ахмед Дудаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Дудаевнинг сўзларига кўра, Хутмат Қодирова “ўзига ишониб топширилган ҳар қандай соҳада ажойиб натижа” кўрсатмоқда.
“Шу ёшида у республика тиббиёти ривожига улкан ҳисса қўшди. Буларнинг барчаси унинг ўз халқи ва мамлакати олдидаги ватанпарварлигини англатади!” — деди вазир баёнотида.
Хутмат Қодирова 2023 йил мартида Чеченистон соғлиқни сақлаш куратори этиб тайинланган эди. Шунингдек, у республика раҳбари котибияти бошлиғининг ўринбосари лавозимида ҳам ишлайди.
2021 йил октябрь ойида Қодировнинг бошқа қизи Оишат Чеченистон маданият вазири бўлганди. Ўша пайтда у 22 ёшда эди.
2023 йил апрелида Қодировнинг жияни 26 ёшли Ҳамзат Қодиров унинг куч блоки бўйича маслаҳатчи ёрдамчиси бўлди. Бундан бир оз олдин у Мулк ва ер муносабатлари вазири, республика бош вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
BBC рус хизмати 2018 йилда Чеченистондаги 158 нафар юқори мартабали амалдорнинг 30 фоизи Рамзан Қодировнинг қариндошлари, 23 фоизи қишлоқдошлари, яна 12 фоизи дўстлари ва уларнинг қариндошлари эканини санади.
Изоҳ (0)